Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар Уюшмаси ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази билан ҳамкорликда китобхонликни кенг ва мақсадли тарғиб этиш, ўқувчиларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлашнинг инновацион усулларини жорий қиляпти.
Яқинда ана шундай инновацион янгилик яратилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи ONLINE”га Инновацион ривожланиш вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, Низомий номидаги ТДПУ ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказ ўқитувчиси, шоира Дил Бонунинг ”Қалбим кўзгуси” номли шеърий тўплами QR-код жойлаштирилган ҳолда чоп этилди. Бу китоб аудиомаълумотларни ўз ичига олган жаҳондаги биринчи тўпламдир.
Уни варақларкансиз, бир қарашда бирор ноанъанавийликни сезмаслигингиз ҳам мумкин. Аммо тўпламнинг ҳар бир варағига махсус QR-код туширилган бўлиб, мобиль телефондаги махсус илова орқали муаллиф томонидан ўқилган шеърларни шеър мазмунига мос мусиқа остида тинглаш мумкин.
Китобдаги шеърларнинг аудио тарзида QR-кодларга жойлаштирилиши инновацион ғоя маҳсули бўлиб, одатда мазкур код маҳсулот ёрлиқларида, реклама маҳсулотларида кенг қўлланилади. Шунга қарамай, бу шаклдаги шеърий китоб ҳали дунёнинг бирорта мамлакатида яратилмаган.
Бадиий матн, хусусан, шеърий асарнинг мазмун-моҳияти, унинг поэтикаси ва руҳиятини бирор ким муаллифдан яхшироқ талқин этолмаслигини инобатга олсак, бундай китобнинг яратилиши ахборот етказиш ва сақлашнинг янги, мукаммал усулини кашф этди. Китобнинг анъанавий босма нашри билан аудио шаклининг уйғунлашуви матбаа соҳасида янги имкониятларнинг очилишига хизмат қилади.
Ушбу усулдан фойдаланиб, ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп адабиётлар, турли фан йўналишлари бўйича методик адабиётлар, луғатлар, маълумотномалар, энциклопедик асарлар, турли библиографик нашрлар кўплаб чоп этилса, бу, шубҳасиз, ўқувчиларга, хусусан имконияти чекланган инсонларга қўшимча қулайлик яратарди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: